пятница, 13 апреля 2018 г.

Qo'shnay nidosi



Ohang-ohang bo‘lib jolalanar dil,
Qo‘shnayga aylanib ketadi borliq.
Ikkisi bir ammo, nolalanar dil,
Ayro yashamoqqa chekilgan yorliq.

O'rtab yuboradi ikkisin dodi,

Dunyolarga sig‘may ketar fig‘onlar:
"Endi sevgim tomon to'xtagan odim,
Endi vujudimda qaynar armonlar..."

Ohang-ohang bo'lib tirnaydi hijron,

Ikkilangan kuyga singadi ash'or.
Yig‘labmu, ingrabmu to‘kilar marjon,
Hadya qilib ketdi firoqni dildor...

Taskin berolmaydi qo'shnay nidosi,

Zotan, ayriliqqa ne bo'lar malham?
Qo'shnay yig'lar xuddi ul yor vidosi,
Kuyga evrilganda dunyolari ham...

Qo'shnayga aylanib ketadi borliq...



Aziza Sobirova


She'r egasini topadi

"5000 $ berib o'qishga kirganman"
 Talaba.

***

Aytar so'zlarim bor, eshitib turing,
Mayli, qosh chimirib, labingiz buring,
Qandingizni uring, davringiz suring,
Dadasin puliga o'qiyotganlar!

Pora berib oling bor "uch"ingizni,
Qo'ying "paxta"larni - or-kuchingizni,
Ertaga ko'ramiz ilm - puchingizni,
Dadasin puliga o'qiyotganlar!

Qodiriy, Cho'lponu Fitrat avlodi,
Buyuk bobolarin Temurdir oti!
Sizga qulluq bo'lsin diplomning toti,
Dadasin puliga o'qiyotganlar!

Mayli, kim bo'lsangiz, salomat bo‘ling,
Omadlarga to‘ling, baxtlarga to‘ling,
Yo bilim lozimdir, yo bo‘lsin puling...
Dadasin puliga o'qiyotganlar!

Ertaga ko'ramiz ilm - puchingizni...
                                            2014


Fikrlar...

Nimalarni o'ylaydi odam,
Boylik, omad, baxt yo muhabbat.
Bugun bor, ertaga bo'lmasligi ham mumkin-ku! Kimgadir Alloh baxt berib sinaydi, kimgdir pul berib, kimgadir esa dard berib. Afsuski, hammamiz ham doim shukr aytavermaymiz. Bugun bir narsaga erishishni istasak, ertaga boshqasini tusab qolamiz. Alloh taolo bergan ne'matlarining qadriga yetmaymiz gohida. To'rt muchamiz sog', boshimizda boshpanamiz bor, yo o'qishimiz, yo ishimiz bor. Tinch yashayapmiz. Doimo ishga shoshamiz, oilamizga foyda keltiramiz deb harakat qilamiz. Qaysidir ma'noda jamiyatga ham foyda keltiramiz. Davlatimiz rivoji uchun oz bo'lsa-da hissa qo'shgimiz keladi.
Lekin bir dam to'xtang... Atrofga boqing...
Turli toifa insonlarni ko'ramiz... Kimlarningdir ko'zlarida mung bor... Ular hech kimdan hech narsa tama qilishmaydi... Shunchaki qarang va ularning mehrga qonmayotganini yoxud ularga mehr deb ataladigan muqaddas tuyg'u yetishmayotganiga guvoh bo'ling...
Axir ko'pchiligimiz ota-onalarimiz bag'rida hech qanday tashvishsiz hayot kechiryapmiz. Buning uchun Allohga shukrlar aytamiz...
Ammo atrofga boqing... Qiyinchilikni hayot tarzia aylantirib olgan va buni zig'ircha ham xayoliga keltirmaydigan insonlar qancha...
Ayrimlarning salomatligi yaxshi emas, qalblari shikasta... Ba'zilar esa o'lim bilan olishyapti...
Bundan ham battari bo'lishi mumkin edi-ku... jumlasini eslang qiynaldim deb o'ylaganingizda!

Yana tong otadi, kun o'tadi, tun cho'kadi...
Biz esa yashayapmiz! Mana shu baxt! Alhamdulillah! Alhamdulillah! Alhamdulillah!

четверг, 12 апреля 2018 г.

ТАЛАБА ДЎСТИМГА МАКТУБ

     Талаба... Бу номнинг қандай маъно англатишини ҳаммамиз биламиз: олий ўқув юртида ўқийдиган одам. Эътибор беринг-а: ўқийдиган! Аслидачи? Талаба нафақат ўқийдиган, балки илм талаб қиладиган инсон бўлиши керак. Бугун илмни талаб қилиб, устозларининг эшигида соатлаб кутадиган, уларнинг ортидан қолмайдиган талабалар қани? Улар бормиди ўзи?! Ҳамма гап шунда-да! Қарсак чалиш учун иккита қўл керак. Лекин бугун, афсуслар бўлсинки, талаба деган номга мушарраф инсон илмни сўраб, талаб қилиб, куюниб, жонини қийнаб ўқимайди... Мантиқан ўйласак, биз учун, ўқишимиз учун ҳамма имконият яратилган. Шарт-шароитлар бор! (Ҳар ҳолда бизнинг университетда)
Агар талаба тўлов-шартнома, яъни контракт асосида таҳсил олаётган бўлса, ҳар бир жуфтлик (пара) маълум миқдордаги пул қийматига тенг. Нафақат контрактчилар учун, балки давлат гранти асосида ўқиётганлар ҳам бу пулнинг қадрига етиши шарт! Ўзингиз ўйланг, бугунги кунда контракт пули ўртача 7,5 миллион сўмни ташкил қилади. Бу бир йилга. Тўрт йилда 30 миллион сўм бўлади (Ҳалиям, ошишини инобатга олмадик). Шунча пулни топиш кимнинг зиммасида? Ота-онамизнинг, аксариятимизда. Яна шундай талабалар борки, ўқишдан бўш вақтларида, айримлари эса ҳатто тунги пайтларда ишлаб, “ўз аравасини ўзи тортади”, яъни контракт пулини ўзи тўлайди. Энди бир ўйлаб кўрайликчи, шунча пул тўлаб, кўчма маънодаги товар – илмни сотиб олиб, ўзлаштиряпмизми ёки пулни беҳудага сарфлаяпмизми? Тўрт йиллик умр ҳақида эса айтмадим...
Эсимда бор: биринчи курсда ўқиётганимизда ўз кучи билан давлат гранти асосида ўқишга кирган курсдошим биринчи семестрда дастурлаш фанидан устозининг олдига боргани-борган эди. Лаборатория ишини бажариш жараёнида устозга қайта ва қайта мурожаат қиларди. Унга ҳатто қизиқ эмасди: устознинг унга вақти борми ёки ҳозир нима биландир банд эмасми... Энг қизиғи, устоз ҳам эринмасдан тушунтирганди.
Устозларимиз ўз фанини яхши билишади, сизнинг исталган мавзудаги саволингизга иложи борича жавоб беришади. Нафақат дарсда, дарсдан бошқа пайтларда ҳам ўз талабаси учун вақт ажрата оладиган устозлар йўқ эмас. Ҳамма гап бунда ҳам эмас. Бугунги кун талабаси устози олдига бир боради, икки боради (мабодо ўқитувчининг вақти бўлмай қолса ёки бошқа сабаб бўлса), уч боради... Кейин ўзининг сабрсизлиги оқибатида фанни яхши ўзлаштиролмай қолади. Талаба устози олдига боради, дедик. Аммо у нима мақсадда боради? “Нб” (келмаган кунидаги дарс)ни “қайта ишлаш” ё бўлмаса, мустақил ишни топшириш учун. Учинчи ҳолатда яна бошқа сабаб бўлиши мумкин. Диққат қилайлик: нега талаба дарсда тушунмай қолган жойини сўраш, жавобини топа олмаётган мисолни тушуниб олиш, натижаси мавҳум бўлган масалани бирга ҳал қилиш учун эмас(!), айнан баҳо олишни осонлаштирувчи омиллар (мустақил иш топшириш, “нб”ни “отработка” қилиш ва ҳоказо) туфайли боради устозининг олдига. Бизнингча, ўзини ҳурмат қиладиган, касбининг мутахассиси бўлган устоз талабасини “хор қилиб қўймайди”. Албатта, талаба ҳам шунга муносиб бўлса.
Замонимизнинг баъзи талабалари ўз устида мустақил ишлаш малакасига эга эмас. Устоз дарс ўтаверади, талаба вазифани бажармай келаверади. Охирига келганда эса айб устозга ағдарилади. Нима эмиш, “Домла яхши тушунтирмаган!”, “Дарсини ўтмаган!” Эй, барака топкур, нега устозингиз тушунтира олмаганда “Яхшилаб тушунтириб беринг, устоз!” деб сўрамагансиз? Нега “Дарсдан кейин олдимга келинг” деганида бормагансиз? Қани, дарров жавоб берингчи: ким дангаса экан аслида?
Нега устоз дарсга келолмай қолган кунлари деканатингизга ёки ўша устоз ишлайдиган кафедрага мурожаат қилмагансиз, талаба дўстим?
Жавобингиз тахминан бундай: “Бутун гуруҳ (ёки гуруҳлар, агар маъруза дарси бўлса) кетамиз деб турганда, бир ўзим деканатга чиқсам, “сотқин”га айланиб қоламанку!”
“Дарсдан кейин устознинг эшигининг олдида “сарғайиш”га вақт қаерда дейсиз!”
Бироз тўхтанг! Ижтимоий тармоқларга киришга вақт топардингизку, талаба дўстим? Ўртоқлару дугоналар билан турли хил кўнгилочар жойларга (туғилган кун ва ҳоказо пайтлари) боришга вақтингиз бор эдику ахир!
Ҳа, бор эди! Энди айбни бўйнингизга олингу миқ этмасдан ўқинг! Ўз вақтида вазифаларни битта-битталаб топширмадингизми, энди сизга ҳаммасини топширишингизга имкон берган устозингизга “Раҳмат” денг-да, топширинг!
Муаммо изласак, ғиж-ғиж. Ечимга келганда ҳам бир томонлама ёндаша олмаймиз.
Виждонимизни уйғотайлик. Мен фалон университет (ёки институт) талабаси, кимнингдир ўрнини банд қилиб ўтирмаяпманми? Ўқишга кириш қанчалик қийин эди, буни амаллаб уддаладим, энди нега ўқимай қўйдим? Ота-онам контракт пулини тўлайман деб ойлик маош олмасдан яшашяпти, укамлар ҳам ўқиши керак-ку... Инсофим қани менинг? Уйдагиларимнинг ишончини оқлаш учун нима қила олдим? Қандай ютуқларга эришдим? Нега ўйламасдан иш қиламан, битта туғилган кунга бормасам, осмон узилиб ерга тушмайдику! Қолаверса, пулим ёнимга қолади.
Илм олиш учун талабада камида телефон бор. Ноутбуки бор талаба ўзини бутун деб ҳис қилиши мумкин. Республикамизнинг ҳамма ҳудудларида кутубхоналар ишлаб турибди. Чет элда, хусусан, Германияда талабалар дарсдан бўш вақтларини кутубхонада ўтказадилар. Шунчаки ўтказадилар эмас, илм олиш учун сарфлайдилар. Биздачи?
Тунов куни курсдошларим “Бол(а)лар, чойхона қачон?” деб қолишди. Аслида уларнинг суҳбатига аралашиш яхшимаску, лекин аралашдим: “Қачон кутубхона дейсизлар?” Алам қилгани “Диплом ишини ҳимоя қилаётганда!” деган жавоб бўлди. Бунақада қачон одам бўламиз?
Қачонки мия ғами қорин ғамидан устун бўлар экан, силжиш мусбатга қараб кетади.
Қачонки талаба ўзи истаб илмни талаб қилар экан, келажаги ўзи истаганидай бўлади.
Қачонки устозлар ҳам талабаси учун жон куйдирса, ота-оналар эса назорат қилиб турса, талабанинг келгуси ҳаёти яхшиланиши мумкин. 
Қачонки талаба КИТОБ ўқиса, унинг мазмунини уқиб олса, ундан яхшилик кутиш мумкин. “Акс ҳолда...”ни айтгим келмаяпти!